Пушаймон.
Ўтган азизлардан бири деди:
-Банда бир гуноҳни содир этар экан, то жаннатга киргунча ундан пушаймон ейди. Шунда Иблис:
-Кошкийки, уни гуноҳга ботирмаган бўлсам,- деб афсус чекади.
Тавба эшиги ҳамиша очиқ.
Бани Исроилда бир ёш йигит бор экан. У Оллоҳ таолога йигирма йил ибодат қилибди. Кейин яна йигирма йил гуноҳ ишлар билан машғул бўлибди. Кунлардан бир куни ойнага қараб, соқолига оқ оралаганини кўрибди. Бундан нохуш бўлиб, илтижо қилибди:
-Илоҳим, йигирма йил сенга итоат этдим, кейин йигирма йил маъсиятга ботдим. Энди ўзингга қайтсам тавбамни қабул қилурмисан?
Шунда ғойибдан садо келибди:
-Бизни суйдинг-биз сени суйдик, бизни тарк этдинг-биз ҳам сени тарк этдик, бизга итоатсизлик қилдинг-сенга муҳлат бердик. Агар бизга қайтсанг, тавбангни қабул қилурмиз.
Энг кучли далил.
Бир бадавий араб бир гуруҳ кишиларни исломга даъват қилиб, кўп ваъз ўқиди. Аммо, улар, ҳеч нарса таъсир қилмагандай серрайиб ўтиравердилар. Буни кўрган арабнинг жаҳли қўзиб деди:
-Наҳотки, бир туянинг оёқ излари унинг ҳозир шу ердан ўтиб кетшанига далолат қилса-ю, шундай мукаммал, буюк бир коинот унинг яратувчиси борлигига далил бўлолмаса?!
Оз кўпга далолат қилади.
Ботил дин ва мафкураларни нега чуқур ўрганиш шарт эмаслигини сўраганларида бир донишманд шундай жавоб берибди:
-Бир овқатнинг ачиганлигини билиш учун унинг ҳаммасини ейиш шарт эмас-ку!
Оқилона жавоб.
-Қариб қолдингиз, энди рўза тутмасангиз, тоқат келтиришингиз қийин бўлади,- деганларга бир тақводор шундай жавоб берган экан:
-Оллоҳнинг буйруқларига тоқат қилиш азобига тоқат қилишдан осонроқ.
Жаннат шукронаси.
Саҳобалар бир куни Муҳаммад алайҳиссаломдан сўрадилар:
-Сиз Оллоҳ севгисига эришган, жаннатга ноил бўлган зотсиз. Шунга қарамай, яна ҳаммадан кўп тоат ибодат қилишингизнинг сабаби нимада?
-Шукр этувчилардан бўлмайинми?- дедилар бунга жавобан Пайғамбаримиз.
Комментарии
Отправить комментарий