К основному контенту

Алишер Навоий. «Туҳфат ул-афкор».(Фикрлар туҳфаси) Ўзбекча насрий баёни

Подшоҳлар тожидаги қип-қизил лаъл- бошда хом ҳаёл пиширувчи (етилтирувчи) бир чўғдир. Ўлимни эсламайдиган подшоҳнинг мамлакати вайрон бўлади, оқибатсиз шоҳ (Хусрав каби) юртига зиён келтиради.Зеб-зийнатга ҳирс қўйиш шоҳона шон-шавкатни барбод этади, ўрмон шерига нисбатан занжирбанд шернинг савлати кўримсиздир. Шоҳнинг бош оғриғидан ҳоли бўлиши маҳолдир, «Катта ноғорани ичи бўшу ғавғоси бошни оғритади». Қуриган оғиз ва намли кўзга қаноат қил, ҳўлу қуруқда қаноат қилган қуруқлик ва денгиз подшоҳидир. Хожа бир нарса олишдан олдин андиша қилиб, хижолат чекади, қози тамаъ қилиб, эшикка мўлтираб туради. То риёкор шайҳ сафсатасини бас қилмас экан, кўнгил оғрийверади, то қишнинг совуғи кетмаса, яланғоч изтироб чекади. Ҳийлагарлар гапириб берадиган ҳар қандай воқеадан ақл кулади, тушида афсона айтувчи (алаҳсировчи) одам кулги қистатади. Таъмагир воиз -нон тиловчи гадога ўхшайди, улар ўртасидаги фарқ- бири минбар устида, бошқаси минбар пастида бўлади. Риёкорлар тасбеҳининг доналари расволик уруғини ундиради, дарвоқе, уруғ ўз жинсига мансуб уруғ беради. Фақиҳ (шариат олими) фиқҳ (шариат илми)ни макр-ҳийла қуроли қилиб олса, у фақиҳ эмас, фиқҳ касалига мубтало бўлган кишидир.Ҳийлагар қозининг кўп шоҳидлар гувоҳлигида гувоҳномани тўлдиргани ёлғондир, гувоҳнома қозининг мартабаси учун керакдир. Жабру жафо йўлини тутган эл, шубҳасиз, жоҳилдир, жоҳил жаҳолатдан қутулдими, демак, илм ҳосил қилибдир. Сулук юкини кўтарувчи ҳаммолларга фақирликка чидашни осон деб билгин, туяга оғзидаги қуриган тикан янги, тоза хурмодек туюлади. Орифлар наздида донишманднинг ўринсиз лофи Афлотун бошига тож бўлса ҳам, бало-офатлар келтир- гувчидир. Эшакмунчоқ, эшак нўхтасини безашга муносиб бўлганидек, нодоннинг сафсаталари ҳам уни масҳара қилишга арзийди. Ҳар оқшом юлдузга боқсанг бойўғлидек сенга тикилиб туради, ўзи алдоқчи бўлган юлдузлар қандай шумлик келтириши мумкин? Чарх бир хастадурким, ундан эҳтиёт бзлиш лозим. Чунки, аъзосининг ҳар тарафида  юлдузлардан оқ хол (доғ) лари бор. Кўк гумбаз (фалак, осмон) нинг иши қон тўкишдан иборатдир, хинонинг ҳам барги кўку, аммо, ранги қизилдир. Луқмахўр бўғзинг озор берувчи душманингдир, сен ҳанжар (бўғиз, ҳалқум) деганинг нуқталардан ясалган ҳанжардир. Агар разил (пасткаш) одам атласу шоҳи (либослар) кийиш учун умрини барбод қилса ажаблансаслик керак, пилла қурти ҳам ўзига ипакдан кафан тўқийди. Тариқат йўлчиларининг сулукига бойлик ҳам камбағаллик ҳам моне бўлади, сафар оти на семиз, на ориқ бўлиши керак. Сулук машаққатлари ҳалим одамнинг пешонасига ажин сололмайди, кучли шамолдан ҳосил бўлган тўлқин сувдан мармарни чиқариб ташлолмайди. Ўрдак жонига қарчиғай қанотининг ҳар бир пати ханжар бўлиб ботга-
нидек, солик баданидаги ҳар бир тук фосиққа аламли ниш бўлиб қадалади. Оқил киши фақирларга пешволик қилса ҳам камтарлик қилади, худди икки марваридни бир ерга пинҳон қилгандек (яхшилигини яширади). Йўлбошчи (муршид)нинг  яширин нарсаларини кўрсатувчи дили гўё жоми Жамдир, Искандар оинаси Хизрга оби ҳаёт (тириклик суви) дир. Кўз ёш ва қалб изтиробидан шараф бўлмаса, хотинларингга яҳ сумалаги кофурий шамъ каби, балки ундан-да софроқ туюлади. Наҳс ва нажас кабилар ёмонликдан туғилган эгизаклардир, яхшиликдан туғилганлари мушку анбарга ўхшайди. Ёшу қарининг кўнгли ишқ билан ободдир, қадим Марв бинокори (султон) Санжар (ёдгорликлари туфайли) ҳар доим ҳам Санжардир. Сафро сўзидаги «алиф» биқинига ўқдек қадалса асфар (сап-сариқ) бўлгани каби фоний ошиқнинг юзи ишқ ўтидан сарғайгандир. Ишқ денгизида саргардон бўлган ошиққа кишаннинг ҳожати йўқ, гирдобидаги кемага гирдобнинг ўзи яхши лангардир. Ишқсизликдан кўнгил қаро бўлса, ишқ туфайли ўтлар сочади, совуқликдан кўмир, иссиқликдан чўғ бўлади.
Ошиқнинг иқбол тахти девоналик гулҳанидир, самандарнинг кулранг тўшамаси бир тўда кулдир. Санамлар қасрининг назоратчилари ҳар тарафдан келган интизор ошиқлар бўлиб, улар худди Хайбар қалъаси атрофида турган араб асирларига ўхшайди. Ақл-яхши ном чиқаришнинг хазинаси, ишқ-улуғ бир олам, рўзғор тутиш хотин иши, лашкар бўлиш эрнинг насибасидир. Чин орифнинг нажот хати- юрак хуноби (қон суви)нинг тўлқинлари бўлиб, ринднинг қадаҳ тумори(дуоси) май пиёласи атрофидаги хатлардир. Хорлик харсанги асирлар суянадиган ёстиқ бўлиб, қонли кийим шаҳидлар ёнбошига кўрпа-тўшак (кафан)дир.
Ҳақиқий орифга фано мулкидан то бақо мулкишача бир манзил деб бил, қуёшга шарқдан ғарбгача ббир кунлик йўлдир. Хасис
одам қўлидаги ҳар бир ақчасини абадий деб ўйлайди, ухлаган одам тушида кўраётган ҳар қандай кайфу сафоларга ишонади. Ҳийлагар, маккора хотин тарафга шўх жилва қилади. У бир найрангбоз-қўғирчоқбоздурким; унинг капаси чодиридир... Кўзингга паридек кўринган хотинни йўлдан оздирувчи шайтон деб бил, елкаси атрофидаги икки қаноти(қўли) ёпинчиғининг шерозасидир. Кўмилган моллар бошида ўтирган нақшин либосли золим, хазина устига ётган олачипор ажждардир. Эй золим жафокор, олтин тождан кеч, Ҳаққа яқинлик йўлини  танла, «ақраб» (чаён) сўзининг бошидаги «айн»  ҳарфини олиб ташласанг, «қурб» (яқинлик) қолади. Сен «озар» дейдиган бу оловранг зарни ҳиммат аҳли тепиб ўтадилар, зарсиз Иброҳим (пайғамбар) тождор, унинг бутпараст отаси- Озар зарли эди... Ҳар доим тилинг тиғини тортавермаки, шаъмнинг бошида шуъладан олтин дубулғаси бўлса ҳам бошини кесадилар. Гуноҳсиз одамга тил тиғи билан озор бериш, соғ томирга ништар уриб, дармонсиз қилган кабидир. «Довар» сўзидан «алиф» ҳарфи кетса, «давр»га айланганидек, адолатсиз ҳоким оқибат саргашта бўлур. Ҳоксор кишилар даражада жаббор (жабр қилувчи)лардан юқори турадилар, чумоли шердан ўта кичик бўлсада, минорада қулай юради. Юртни обод қилишда золим ва одил подшоҳ тенг (баробар) эмас, ерни шудгор қилишда чўчқа бошқаю, деҳқон бошқа. Мамлакатга икки подшоҳнинг хос мулозимларидан хароб этувчи шамол эсади, «қайсар», «қайсар» сўзидан «қай»  олиб ташланса, «сарсар» [кучли бўрон] қолади. Подшоҳ ҳаётининг узайишидан кўнгил тўлмаса, ноқислик пайдо бўлади, паришонликдан «қасир» (қисқа) сўзини «қайсар» (подшоҳ) деб ўқийсан. Касб машаққатидан косибнинг қўлида пайдо бўлган қабариқ, мақсад гавҳарининг қўлга киритилганлигидан нишонадир. Сажда (ибодат) қилувчиларнинг сироти мустақим (Ҳақ йўл)дан юрганлик аломати тўғриликдир, саёҳатчи қаламнинг катта йўли мистар(чизғич) чизиқларидир. Бошда нима ҳозирланган бўлсанг, ўлганингда (охиратда) ўшани олиб кетасан, ёшликда нима ўрганган бўлсанг, қариликда ёдингда турган бўлади. Эр бечораҳол бўлса ҳам хотиндан кам эмас, дурнинг қиймати паст бўлса ҳам тухумдан кам эмас. Ҳаддан ортиқ камбағаллик меҳнатини Қоф тоғидан оғир деб бил,  «Қоф»-«фоқа» камбағаллик сўзига айланса, жуда хунукдир. Ҳиммат аҳлига фалакнинг нотекислигидан не зарар? Юлдузлар сайр этганда ерда анҳору жарлар бўлса не ғам? Ҳийлагарнинг сўзидан рост гапдек фойдаланиб бўлмайди, масҳарабоз полизидаги сабзавотлар деҳқон полизидаги сабзавотлардек эмас. Хоин тубанлик билан ҳосилни қўлга киритади. Тухум ўғирлайдиган сичқонлар худди шундай қилади: бири замбар бўлиб ҳосилни бағрига босиб олади, иккинчиси занбар ташувчи бўлиб уни судраб кетади. Амалдорларнинг кўзи камбағалларнинг молидир, шоҳпарастлар лашкар овқати баҳонасида уларни олиб кетадилар ва мол йиғадилар. Лафзи содда бўлса ҳам «ширин»нинг маъноси шириндир, нуқтасиз «суккар» ёзилса ҳам шакар шакар бўлади. Ишқ тубан кишини ҳам кўзга олижаноб қилиб кўрсатади, парвонага шамънинг қомати Кашмир сарви(гўзали) кабидир. Кўп нуқсонлар борки,ичида бир нави фойдалар ҳам бўлади, лўлининг ёрилган чирмандаси маймун учун ўйнайдиган чамбаракдир. Бу кўҳна дунёда юксакларга интилиб манфаат изламаки, Исо алайҳиссаломдан юқорида юлдузлардан минглаб кўршапалаклар бор. Кўнгил оламига зангори олам зийнатнинг ҳожати йўқ, Фирдавс гулшанининг безаги нилуфардан эмас. Кимки, наргис кўзидек зарга кўз тикса, кўзи наргис кўзидек найза учига муносиб бўлади. Комил инсоннинг кўзи Ҳизр чашмасидир, кимки бу икки чашмадан бирини топса, абадий ҳаётга эришган бўлади. Кимки зарга кўнгил қўйса, фақрлик (мақоми) дан қуруқ қолади, ризқида фақирликдан улуш бўлса, бу дабдабасиз фақирликдир. Фақирликни гадолик тўшанчисининн четлари шарафидан деб бил, подшоҳ айвонининг кунгураси Зуҳал (Сатурн) қасридан баландроқдир. Мансабдорларнинг Қуръон қўйиш учун ясатган лавҳларигинг кунгураси дин қўрғони девори эшигининг раҳҳналаридир. Подшоҳ фақирликка моне бўлувчи нарсалардан халос бўлишни истаса тадбири шука, тасарруфидаги барча молларини қайтадан тупроққаыташласин. Ҳаққа олиб борадиган йўллар кўп, аммо тез элтувчи ва яқин йўл- фақр йўлидир, шунинг учун ҳам пайғамбар «алфақру фахри» (фақирлик фаҳримдир) деган. Бу (Ҳаққа элтадиган) йўлда пайғамбар билан изма-из борган киши Аршга парвоз қилади, чунки у (пайғамбар) йўл юрувчи ва йўл бошловчидир. Пайғамбар шариатининг ҳомийси бўлган Жомий Кавсар шаробидан лаболаб тўлдирилган шариат қадаҳини қўлида кўтариб турибди. Илмининг ҳаддан ортиқлигидан у пайғамбарга ворисдир, балки Набининг ҳадисига кўра у пайғамбарлар кабидир. (Бу байтда «Олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир» ҳамда « Умматимнинг олимлари Бани Исроил пайғамбарлари кабидир» ҳадисларига ишора қилинган (Таржимон)). Равшан фикрнинг боғи бир чамандурки, ҳар бир япроқ юзидаги томчи латофатда нурли қуёшдир. Юксак табиатининг гулшани шундай шарофатли бир боғдурки, ҳар бир гул кўйлагининг тугмаси ям-яшил осмондир. Илминиг кўплигидан  чарю ҳам четга чиқиб туради, қаердан ҳам кўпикли қадаҳ дарё идишига қопқоқ бўлишга арзисин. Унинг хотираси маъно дурларига муносиб қутича бўлганидек, чарх юлдузлар чўғига муносиб манқал (оташдон)дир. Барча бокира (асл ва тоза) маънолар унинг қаламидан туғилади, гўё қаламга оналик қилган, бокира маъноларга ҳам онадир. Бокира маънолар жонбахш ҳолатлар вужудга келтирса, ҳеч боки йўқ, қизи Марям бўлган кишига Исо(пайғамбар) набирадир. Фикрининг илми қалбимда порлаб, гўё булутни ёндирди, пахта ойнадан эмас, қуёш ҳароратидан куйиб кетади. Ақл унинг мукаммал сифатларини санашдан ожиз, бир кўзи кўр одам осмон юлдузларини қандай санаб тугатади? Эй дин ҳомийси! Дўзах аҳли жаннатни умид қилганидек, ҳоксорлар жони эшигинг тупроғига етишишни ҳавас қиладилар. Ғунча ичига тушган шабнамдек бир неча муддатдан бери ғампарвар кўнглимда фақирлик дуррининг орзуси тушган. Фақр гадолигимни истаган подшоҳ подшоҳликни орзу қилган гадо кабидир. Тирикликни орзу қилган ўликдан кўра, жон бахш фақр зулматида ўлмоқлик орзуйимдир. Бахтсизлик уруғи узлуксиз дил дарди мевасини беради, уруғ қандай бўлса, ўшандай ҳосил бериши айб эмас. Танамда фақат тақа ва алиф доғидан дардим аён бўлгани йўқ, кўпинча ўқ-ёйдан баданимда жароҳатлар пайдо бўлган. Бир назар сол, жинсдошларимдан айрилиб турай. Нажмиддин Кубронинг назарига тушган ит итларга сарвар (бошлиқ, етакчи) бўлди. Ҳиммат шами, ғам кулбасида мақсадга улаштирувчи мумиё (даво) бўлса, юлдуз нури тундаги кемани соҳилга етказгувчи раҳҳбар (йўл бошловчи) дир. Бу назм (қасида)ни татаббуъ қилганим учун таънадан йироқман, зеро, кимки пайғамбарга чокар (ҳизматкор) бўлса, суннатга эргашган бўлади. Қуёш нуридан най (қамиш) да шаккар (пайдо) бўлганидек, хотирингни илтифотидан бу ширин нукта (нозик маъноли сўзлар) ҳосил бўлди. Қасида байтларининг сони бир кам юз бўлиб, ҳар бир байтига боқий ва тирик бўлган
Аллоҳнинг бир номидан равнақ етгандир. Қасиданинг ҳар бир байтиниыБайтуллоҳ (Каъба) десам арзийди, чунки эгнида матонатдан тикилган қора либос бор. Лекин у, хусусан юлдузлар билан ғужғон чархнинг ёнбошида бўлса порлоқ дур тўла қутичани эгаси бўлсам! Номини «Туҳфат ул-афкор» десам, ажабланадиган жойи йўқ, ҳузурингга фикрим денгизидан бу гавҳарни туҳфа қилиб келтирдим. Қасиданинг ёзиб тугалланиш тарихи «Явми жомеъи шаҳри ражаб» бўлди, ажабки у ою кун ҳисоби унинг ниҳоя топганига мазҳардир. То қуёш тўрттинчи осмондан нур сочиб турар экан, ер юзида толибларга олий соянгдан файзлар етаверсин!

Сайфиддин Сайфуллоҳ таржимаси

Комментарии

Популярные сообщения из этого блога

Алишер Навоий. «Қут ул-қулуб» (Қалблар озуқаси) қасидаси. Ўзбекча насрий баёни.

Жаҳонким, фанонинг бепоён йўлининг тор бир йўлакчасидир, унда абадий яшамоқни ўйламаким, бу-шоҳу гадонинг (келар-кетар) йўлидир. Қандай қилиб мангу қолиш мумкинки, йўл ...

Тамагирнинг жазоси

Бир куни Абу Нувас сув ичмоқчи бўлиб , идиш тополмадида , қўшнисига мурожаат қилди : - Қўшни , косангизни бериб турмайсизми ? Бир ҳафтадан кейин қўшни косасини сўраб чиқ...