Камолиддин Беҳзод
....Беҳзод жуда кўп асарлар: портретлар, ҳаёт ва табиат лавҳалари, бадиий асарларга иллиюстрациялар ва бошқалар яратган. Унинг санъаткорлик маҳоратини ва асарларининг таъсир кучини кўрсатиш учун Восифийнинг «Бадойиул -вақое» китобидан қуйидаги #факт ни келтирамиз:
Кунларнинг бирида Беҳзод янги ишлаган бир суратини Навоийнинг олдига олиб келади: ажойиб боғ, дараҳтлар, дараҳтлар шоҳида қушлар... гуллар қулф уриб очилиб ётибди, ариқларда зилол сувлар... Боғда нуроний Алишер Навоий. У бир қўли билан ҳассага таянган, иккинчи қўлида бир товоқ, товоқда олтинлар. Навоийнинг атрофида илм-фан, санъат ва адабиёт аҳллари. Гўё Навоий уларнинг ижодий ишларидан шод бўлиб, бошларидан олтин сочмоқчи... Суратдан завқланган Навоий бундай байт айтади:
Наққош, ажаб сафҳа мунаққаш карди,
Эй вақти ту хуш, ки вақти мо хуш карди.
(Наққош, ажойиб саҳифани нақшлабсан, вақтинг хуш бўлсин, зероки бизни хушвақт қилдинг.)
Беҳзод бу суратни олиб келганда Навоий Мавлоно Фасеҳиддин, Соҳиб Доро, Мавлоно Бурҳон ва Мавлоно Муҳаммад Бадаҳшийлар билан суҳбатлашиб ўтирган экан. Навоий улардан бу сурат ҳақидаги таассуротларини сўзлаб беришини сўрайди. Ширин ва ҳазиломиз суҳбат бошланади. Мавлоно Фасеҳиддин:
-Маҳдумлар, мен бу очилган гулларни кўришим билан қўл чўзиб, уларни бирини узиб, салламга қўндирмоқчи бўлдим,-дейди.
Соҳиб Доро:
-Менда ҳам шундай истак бор эди, аммо аммо қўл чўзсам, дараҳтлардаги қушлар ҳуркиб учиб кетмасин деб андиша қилдим,-дейди.
Мавлоно Бурҳон:
-Мен мулоҳаза билан қўлимни тортиб, тилимни тиймоқчиман, агар сўз қотсам, Мир ранжисалар, юзларини буриштириб, қошларини чимирсалар, суратдаги очиқ чеҳралари ўзгариб кетади,-дейди.
Мавлоно Муҳаммад Бадахший:
-Эй Мавлоно Бурҳон, агар беодоблик ва густоҳлик бўлмаганда эди,(суратдаги) Мирнинг қўлларидаги ҳассани олиб сенинг бошингга солар эдим,-дейди.
Навоий суҳбатни якунлаб:
-Азизлар яхши сўзлар айтишди. Агар Мавлоно Бурҳон дағаллик қилмаганларида, мен (суратда тасвирланган) товоқдаги олтинларни дўстларнинг бошидан сочмоқчи эдим,-дейди ва Беҳзодга бир от билан чопон инъом қилади, суҳбатдошларига либос кийгизади.
Комментарии
Отправить комментарий